Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги мобил алоқа операторлари билан биргаликда хорижий интернет-трафик учун қўшимча тўлов тизимини жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Янги ташаббусга кўра, 5G тармоқларидан фойдаланувчилар учун ойига 50 ГБ ҳажмдаги хорижий трафик чегараси белгиланиши мумкин. Ушбу чора, асосан, VPN-сервисларидан фойдаланишни чеклаш мақсадида муҳокама қилинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тизимни техник жиҳатдан амалга ошириш мураккаб жараён. Россиядаги 5G тармоқлари ҳозирда LTE инфратузилмасига таянганлиги сабабли, операторлар абонентнинг айнан қайси ресурсга кираётганини ёки VPN орқали уланаётганини аниқ ажратиб олиши қийин. Шунингдек, биллинг тизимларини янгилаш юқори харажатлар ва техник хатоликларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Белгиланиши кутилаётган 50 ГБ лимит оддий фойдаланувчилар учун етарли бўлиши мумкин, чунки 2025-йилда Россияда ўртача мобил интернет истеъмоли ойига тахминан 24 ГБ ни ташкил этган. Бироқ, видео контентни юқори сифатда (4K) томоша қиладиган, интернетни бошқа қурилмаларга тарқатадиган ёки хорижий булутли платформалар билан ишлайдиган фойдаланувчилар учун бу лимит тезда тугаши мумкин.
Ушбу ўзгаришлар нафақат шахсий фойдаланувчиларга, балки хорижий хизматлар билан ишлайдиган компанияларга ҳам таъсир қилиши кутилмоқда. Экспертлар бизнес вакилларига тармоқ инфратузилмасини қайта кўриб чиқиш ёки корпоратив VPN-туннелларини расмийлаштириш каби чораларни кўришни тавсия қилмоқда. Ҳозирча лойиҳа муҳокама босқичида бўлиб, унинг якуний механизми ва жорий этилиш муддати бўйича аниқ қарор қабул қилинмаган.









