Свердловск вилоят суди Екатеринбург шаҳрида яшовчи Наталия Гусевани 3 ёшли ўғли Алишерни қасддан ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, аёл 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Тергов маълумотларига кўра, 2025-йилнинг апрел ойида она боланинг оёғини синдирган, шифохонадан чиққанидан сўнг эса уни калтаклаб ўлдирган.
Суд жараёнида айбланувчи ва унинг адвокати Александр Козлов ўз айбини тан олмасдан, жиноятни аёлнинг ўша вақтдаги таниши, мигрант Шамсулло Янгиев содир этганини даъво қилди. Ҳимоя томонининг таъкидлашича, бола онаси билан ёлғиз қолишга халақит бергани учун Янгиев томонидан калтакланган бўлиши мумкин. Адвокат боладаги жароҳатлар чап қўл билан етказилгани ва Янгиев айнан чап қўл эканлигига эътибор қаратишга уринган.
Бироқ, тергов хулосаларига кўра, бола айнан онаси томонидан калтакланган. Экспертиза хулосасига кўра, боланинг жароҳатлари (жигар ёрилиши ва қовурғалар ўпкага санчилиши) оғир зарбалар оқибатида юзага келган. Ўша вақтда боланинг оёғида гипс бўлгани сабабли у ўзини ҳимоя қила олмаган.
Таъкидлаш жоизки, 2026-йил бошида суд ҳайъати (присяжнийе) аёлни оқлаган эди, бироқ прокуратура ишни қайта кўриб чиқишга эришди. Иккинчи уринишда аёл ўз айбсизлигини исботлай олмади ва суд уни 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.









