Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Забайкалье ўлкаси бўйича бошқармаси ҳамда ИИВ миграция масалалари бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар давомида Марказий Осиё минтақасидан келган 9 нафар хорижлик фуқаронинг ноқонуний ҳаракатлари аниқланди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Россия миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланган.
Текширувлар натижасида ушбу шахслар Забайкалье ўлкасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келгани, бироқ маҳаллий қонун-қоидаларга риоя этмагани маълум бўлди. Хусусан, улар давлат сиёсатига қарши чиқиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний талабларини бажармасликка чақириш ҳамда этник устунлик ғояларини тарғиб қилишда айбланган. Шунингдек, гуруҳ аъзоларидан бири сохта патент асосида ишлашга урингани аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Россия ИИВнинг Забайкалье ўлкаси бўйича миграция бошқармаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, 9 нафар мигрантнинг Россия ҳудудида бўлиш муддати 3 суткагача қисқартирилди ва уларнинг мамлакатга кириши 50 йил муддатга тақиқланди. Мазкур чора уларнинг Россияда бўлиши «исталмаган» деб топилгани билан изоҳланмоқда.









