SOS
Депортатсия

Грузияда 59 нафар ноқонуний мигрант ушланди: улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Грузияда 59 нафар ноқонуний мигрант ушланди: улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Ушланганлар Ўзбекистон, Озарбайжон, Кения, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Миср, Гана, Эфиопия, Филиппин, Судан, Камерун ва Хитой фуқароларидир. Миграция департаменти ходимлари махсус иммиграция назорати доирасида хорижликлар бўлиши мумкин бўлган қатор манзил ва объектларни текширди.

Текширув давомида 59 киши Грузияда “Хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонун талабларини бузган ҳолда яшаётгани аниқланган.

“Улар Миграция департаментининг вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилди. Ҳозирда хорижликларни Грузиядан чиқариб юбориш бўйича тегишли тартиб-таомиллар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқароларининг аниқ сони, уларнинг ёши, жинси ва шахсига оид бошқа маълумотлар очиқланмаган. Грузия ИИВ маълумотларига кўра, миграция қонунчилигига ўзгартиришлар кучга кирганидан буён 160 та махсус иммиграция назорати тадбири ўтказилган. Уларда жами 18 мингга яқин хорижлик текширилиб, аниқланган ноқонуний мигрантларнинг минг нафари мамлакатдан чиқариб юборилган.

8-сентябр куни Грузиядан яна 61 нафар хорижлик чиқариб юборилди. Улар орасида ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Йил бошидан буён мамлакатдан депортация қилинган хорижликлар сони қарийб 3 минг нафарга етди. Май ойида ҳам Грузияда 45 нафар ноқонуний мигрант қўлга олиниб, мамлакатдан чиқариб юборилгани маълум қилинган эди.

12.09.20261