Россиянинг Солнечногорск шаҳридаги омборхоналардан бирида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан «Нелегал-2026» махсус тадбири ўтказилди. Текширувлар жараёнида Россия Федерацияси ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз яшаб, меҳнат фаолиятини олиб бораётган 59 нафар чет эл фуқароси аниқланди.
Аниқланишича, ушланганларнинг 32 нафари ноқонуний равишда меҳнат қилган. Текширув давомида хорижликларнинг айримлари рус тилини билмаслиги, бошқалари эса ҳужжатлари йўқлиги ёки уларни ўзи билан олиб юрмаганини маълум қилган. Хусусан, фуқаролардан бири 28-август куни ишлаш мақсадида келган бўлса-да, тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмагани аниқланган.
Қоидабузарлик содир этган шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8 ва 18.10-моддалари бўйича чоралар кўрилмоқда. Унга кўра, ушбу шахслар 5 000 дан 7 000 рублгача жаримага тортилиб, Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилади.
Шунингдек, ноқонуний ишчиларни ёллаган иш берувчи компанияга нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари бошланган. Агар ташкилотнинг айби тасдиқланса, ҳар бир ноқонуний ходим учун юридик шахсга 400 000 дан 1 000 000 рублгача жарима белгиланиши мумкин.









