SOS
Депортация

Москва вилоятидаги рейдларда 93 нафар мигрант жавобгарликка тортилди

Москва вилоятидаги рейдларда 93 нафар мигрант жавобгарликка тортилди

Москва вилояти ИИВ ходимлари Ленин ва Одинцово шаҳар округларида ноқонуний миграцияга қарши тезкор-профилактика тадбирларини ўтказди. Натижада миграция қоидаларини бузган 93 нафар хорижлик фуқаро аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ленин шаҳар округида ўтказилган рейдлар давомида 51 нафар мигрант полиция бўлимига олиб кетилди. Текширувлар натижасида 49 киши миграция ҳисобида турмасдан яшаётгани, 2 кишининг эса рўйхатдан ўтиш муддати тугагани аниқланди. Ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига 5 мингдан 7 минг рублгача жарима белгиланди ва бир нафар чет эл фуқаросига Россияни тарк этиш мажбурияти юкланди.

Одинцово шаҳар округидаги Перхушково қишлоғида жойлашган ётоқхоналардан бирида 42 нафар хорижлик фуқаро қоидаларни бузгани маълум бўлди. Уларнинг 36 нафарига Россияда бўлиш тартиби ва муддатларини бузганлик бўйича, яна 6 нафарига эса қоидаларни такроран бузганлик бўйича материаллар тайёрланди. Ушбу гуруҳдан 6 нафар мигрант Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юборилади.

Россия ИИВнинг ҳудудий органлари миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўйича тадбирларни давом эттирмоқда. Мигрантлардан ўз ҳужжатлари ва рўйхатдан ўтиш муддатларини ўз вақтида назорат қилиш сўралади.

18.09.20261