Новосибирск вилояти ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган кенг кўламли текширувлар давомида миграция соҳасида 612 та маъмурий қоидабузарлик қайд этилди. Уларнинг асосий қисмини, яъни 361 та ҳолатни Россияга кириш қоидалари ёки мамлакатда бўлиш тартибини бузиш ташкил этади. Шунингдек, 125 та ҳолатда бўлиш қоидаларига риоя қилмаслик, 29 та ҳолатда ноқонуний меҳнат фаолияти ва 53 та ҳолатда хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилиш ҳолатлари аниқланган.
Текширув якунлари бўйича 116 нафар шахсга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Улардан 106 нафари махсус муассасаларда сақланган ҳолда, конвой остида мажбурий тартибда Россия ҳудудидан чиқариб юборилди. Бундан ташқари, жазони ўташ жойларидан озод этилган 7 нафар хорижлик фуқаро ҳам депортация қилинди. Яна 233 нафар шахсга нисбатан Россияга кириш тақиқи қўйилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, айниқса, мамлакатни тарк этиш ҳақида огоҳлантириш олган бўлса-да, уни бажармаган шахсларга алоҳида эътибор қаратди. Бундай қоидабузарлик содир этган 2 нафар хорижлик фуқаро мажбурий тартибда чиқариб юборилди ва уларнинг Россияга кириши 10 йил муддатга тақиқланди. Шунингдек, назорат остидаги шахслар реестрида бўлган 118 нафар хорижликка нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Текширувлар давомида маъмурий жавобгарликдан ташқари, 36 та жиноят иши ҳам қўзғатилди. Уларнинг 16 таси хорижлик фуқароларни сохта рўйхатдан ўтказиш, 14 таси ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва 6 таси сохта рўйхатга олиш моддалари билан боғлиқ. Мигрантлардан қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш ва белгиланган муддатларда ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилади.









