Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган мигрант 35 йилга мамлакатга кириш ҳуқуқидан айрилди

Чебоксари шаҳрида Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароси Россия фуқаролигидан маҳрум этилди. Расмий маълумотларга кўра, бунга шахснинг маҳаллий диаспора вакиллари ўртасидаги фаолияти ва оммавий баёнотлари сабаб бўлган.
Текширув жараёнида аниқланишича, эркак ўз ватандошларини Россия Федерациясида ўтказилаётган махсус ҳарбий операцияга қарши чиқишга ҳамда ҳарбий ҳисобга туришдан бўйин товлашга чақирган. Шунингдек, у миллий устунлик ғояларини тарғиб қилгани ва шаҳар бозорларидан бирида ноқонуний ибодатхона ташкил этгани қайд этилган.
Ушбу ҳаракатлар ортидан тегишли органлар томонидан фуқароликни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, мазкур шахсга нисбатан Россия Федерацияси ҳудудига киришга 35 йиллик тақиқ қўйилди. Ҳозирги вақтда у Россия ҳудудини тарк этган.








