Россиянинг Приморье ўлкаси Уссурийск шаҳрида «Нелегал-2026» комплекс операциясининг иккинчи босқичи доирасида рейдлар ўтказилди. Текширувлар давомида товар омборлари ва меҳмонхона қурилиш майдонларида меҳнат фаолиятини юритаётган 70 дан ортиқ хорижлик фуқаронинг ҳужжатлари текширилди.
Рейд натижаларига кўра, 18 ёшдан 56 ёшгача бўлган 7 нафар хорижлик фуқаро қўлга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилди. Уларнинг 5 нафари Қирғизистон, 2 нафари эса Тожикистон фуқаролари эканлиги аниқланди.
Қўлга олинганларнинг 6 нафарига нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми бўйича баённомалар тузилди. Ушбу шахсларга жарима солинди ва уларга Россия ҳудудини мустақил равишда тарк этиш мажбурияти юкланди.
Бир нафар фуқарога нисбатан эса 20.25-модданинг 3-қисми бўйича чора кўрилди. У аввалроқ суд қарори билан мамлакатдан чиқиб кетиши керак бўлган, бироқ буни бажармаган. Эндиликда ушбу шахс мажбурий тартибда чиқариб юборилиши белгиланди ва у вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилди.
Ушбу тадбирлар Россия ИИВнинг Приморье ўлкаси бўйича миграция бошқармаси, Миллий гвардия ва Хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. «Нелегал» операцияси ноқонуний миграция каналларини аниқлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили икки босқичда ўтказилади.









