SOS
Ҳужжатлар

300 дан ортиқ мигрантнинг ҳужжати сохта бўлиб чиқди: ноқонуний рўйхатга олиш фош этилди

300 дан ортиқ мигрантнинг ҳужжати сохта бўлиб чиқди: ноқонуний рўйхатга олиш фош этилди

Россиянинг Приморье ўлкаси Уссурийск шаҳрида 47 ва 56 ёшли икки аёл ноқонуний миграция каналини ташкил этганликда айбланиб, судга тортилмоқда. Россия ИИВнинг Приморье ўлкаси бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, улар 2025-йилнинг февралидан октябрига қадар бўлган даврда 300 дан ортиқ хорижий фуқаронинг мамлакатда ноқонуний бўлишини таъминлаган.

Тергов версиясига кўра, айбланувчилардан бири тижорат ташкилоти раҳбари бўлган ва ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, хорижликларни қабул қилувчи томон сифатида расмийлаштирган. Улар мигрантларни ҳақиқатда яшамайдиган манзиллар бўйича миграция ҳисобига қўйиб, сохта маълумотлар акс этган ҳужжатларни тақдим этишган. Бу эса хорижликларга Россияда қонуний асосда юрганликлари ҳақида сохта тасдиқномага эга бўлиш имконини берган.

Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда ноқонуний миграцияни ташкил этиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов якунланиб, иш судга оширилган.

Айбланувчиларга нисбатан суд ҳукми билан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 миллион рублгача жарима ҳамда 7 йилгача муайян лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Ҳозирда тергов даврида аёлларга нисбатан уй қамоғи ва муайян ҳаракатларни тақиқлаш каби эҳтиёт чоралари қўлланилган.

05.10.20264