Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги чет эл фуқаролари учун «Госуслуги» порталидаги ҳисоб қайдномасини тасдиқлаш тартибини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Унга кўра, фойдаланувчилар эндиликда кўп функцияли марказлар (МФТ) ёки банкларга ташриф буюрмасдан, биометрик идентификация орқали ўз шахсини тасдиқлашлари мумкин бўлади.
Янги тартибга кўра, Россияга сафар қилишдан олдин чет эл фуқароси «ruID» иловасида ўз биометрик маълумотларини рўйхатдан ўтказиши ва ташриф тўғрисидаги маълумотларни тўлдириши керак бўлади. Давлат чегарасини кесиб ўтиш чоғида, аввалги тартибда бўлгани каби, шахсга СНИЛС расмийлаштирилади ва «Госуслуги»да тасдиқланмаган ҳисоб қайдномаси яратилади.
Шундан сўнг, шахсни биометрия ёрдамида тасдиқлаш жараёни амалга оширилади. Фойдаланувчи илова орқали камерага қараши кифоя қилади ва маълумотлар мос келган тақдирда, ҳисоб қайдномаси даражаси автоматик равишда «тасдиқланган» мақомига ўтади.
Ушбу ўзгаришлар мигрантларга давлат рақамли хизматларидан фойдаланишни сезиларли даражада осонлаштиради. Хусусан, тасдиқланган ҳисоб қайдномаси орқали СИМ-карталарни қўшимча идораларга бормасдан расмийлаштириш имконияти яратилади.









