Челябинск вилояти Адаптация маркази мутахассиси Наталья Соколова Магнитогорскда хорижлик ишчилар учун махсус маъруза ўтказди. Унда миграция картаси муддати ўтиб кетган тақдирда қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши ва вазиятни қандай тўғрилаш мумкинлиги тушунтирилди.
Агар визасиз тартибда келган хорижлик фуқаро Россияда белгиланган муддатда (90/365 қоидаси) чиқиб кетмаса, унинг миграция картаси муддати ўтган ҳисобланади. Бу ҳолатда мигрант 2 000 дан 5 000 рублгача жаримага тортилиши, маъмурий тартибда чиқариб юборилиши ёки 10 йилгача Россияга кириш тақиқига учраши мумкин.
Мутахассис бундай вазиятда икки хил йўл тутишни тавсия қилди. Биринчиси — Россиядан чиқиб кетиш. Бу энг оддий усул бўлиб, чегарадан ўтгач, қайта киришда янги миграция картасини олиш имконияти мавжуд.
Иккинчи йўл — қонуний асослар бўлганда қолиш муддатини узайтириш. Бунинг учун ҳудудий ИИВ органига ариза билан мурожаат қилиш лозим. Узайтириш учун амалдаги меҳнат шартномаси, ўқиш тўғрисидаги ҳужжатлар ёки вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёхуд фуқароликка ариза топширилганлиги асос бўла олади.
Қанча эрта мурожаат қилинса, жарима ва депортация хавфи шунчалик камаяди. Шу сабабли, ҳужжатлар муддатини назорат қилиш ва муаммолар юзага келганда зудлик билан ваколатли органларга мурожаат этиш тавсия этилади.









