Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) 2026-йил 1-октябрдан бошлаб патент асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар учун янги қоидаларни жорий этмоқда. Эндиликда хабарнома топшириш тартиби иш берувчининг мақомига қараб турлича бўлади.
Агар хорижий фуқаро жисмоний шахс (оддий фуқаро) қўлида ишлаётган бўлса, у патент олган кундан бошлаб икки ой муддат ичида ИИВнинг ҳудудий органига мустақил равишда хабарнома тақдим этиши шарт.
Агар мигрант юридик шахс (компания ёки ташкилот) билан меҳнат шартномаси тузган бўлса, ходимни ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш ҳақидаги хабарномани иш берувчининг ўзи уч кунлик муддат ичида ИИВга юбориши керак. Иш берувчилар учун ушбу хабарномани "Gosuslugi" портали орқали юбориш энг қулай усул сифатида тавсия этилмоқда.
Шуни ёдда тутиш керакки, хорижлик ходим ишдан бўшатилгани ҳақида ИИВни ўз вақтида хабардор қилмаган иш берувчилар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Қоидаларни бузган ташкилотларга 800 000 рублгача жарима солиниши ёки уларнинг фаолияти 90 суткагача муддатга вақтинча тўхтатилиши мумкин.









