Россия Давлат Думасига хорижликларнинг Россия фуқаролигини олиши учун талаб қилинадиган доимий яшаш муддатини 5 йилдан 8 йилгача узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ташаббус ЛДПР фракцияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган ва ҳукуматга кўриб чиқиш учун юборилган.
Қонун лойиҳаси «Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида»ги ва «Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш киритишни кўзда тутади. Унга кўра, яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиш учун талаб қилинадиган муддат ҳам 1 йилдан 2 йилгача оширилиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) асосида мамлакатда бўлишнинг иккинчи йилидан бошлаб, 8 ой ўтгачгина ҳужжат топшириш имконияти яратилиши мумкин.
ЛДПР етакчиси Леонид Слуцкийнинг таъкидлашича, ушбу чоралар хорижликлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган. Расмий маълумотларга кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида Россияда 8 мингдан ортиқ яшаш гувоҳномаси бекор қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 90 фоизга кўпдир. Асосий сабаблар сифатида нотўғри маълумотлар тақдим этиш ва миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатлар кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27-июлидан бошлаб Россияда фуқаролик ва миграция ҳужжатларини расмийлаштириш учун давлат божлари сезиларли даражада оширилган эди. Хусусан, фуқаролик учун ариза топшириш нархи 4200 рублдан 50 минг рублгача, яшаш гувоҳномаси учун 6 мингдан 30 минг рублгача, вақтинчалик яшаш рухсатномаси учун эса 15 минг рублгача кўтарилган.









