Россия қонунчилигига кўра, хорижлик ота-оналар Россия фуқаролигига эга бўлган фарзандлари асосида мамлакат фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга. Муҳим жиҳати шундаки, ушбу имконият фарзанд 18 ёшга тўлган тақдирда ҳам ўз кучини сақлаб қолади.
Фарзанди вояга етган ота-оналар учун фуқароликни расмийлаштиришда қуйидаги шартлар талаб этилади: фарзанд Россия фуқаролигига эга бўлиши, ота-онанинг амал қилиш муддати ўтмаган яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) бўлиши ҳамда Россияда доимий рўйхатдан ўтган бўлиши тавсия этилади. Агар фарзанд вояга етмаган бўлса, тартиб бироз фарқ қилади ва бунда Россия фуқароси бўлган иккинчи ота-онанинг вафот этиши, бедарак йўқолиши ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши каби ҳолатлар асос бўлиши мумкин.
Фуқароликни олиш жараёни бир неча босқичдан иборат: дастлаб миграция ҳисобига туриш, вақтинча яшаш рухсатномасини (РВП) олмасдан тўғридан-тўғри яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) расмийлаштириш, доимий рўйхатдан ўтиш ва фуқаролик учун ҳужжатларни топшириш керак. Ҳужжатлар топширилгандан сўнг, қарор қабул қилиниши учун уч ойгача муддат талаб этилади.
Ижобий қарор чиққанидан сўнг, шахс қасамёд қабул қилади ва Россия паспортини расмийлаштириши мумкин. Ҳужжатларни топширишдан аввал Россия ИИВнинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиб, талаб этиладиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхатини текшириб олиш тавсия этилади.









