Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2024-йилдан 2025-йилга қадар ҳужжатларни қалбакилаштириш, тарқатиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар сони 397 тадан 1739 тагача, яъни 338 фоизга кўпайган. 2025-йилда мазкур модда бўйича жами 10 942 нафар шахс суд ҳукми билан жазоланган.
Smart Engines ва Intellect таҳлилий ҳисоботига кўра, энг кўп сохталаштирилган ҳужжатлар рўйхатида ҳайдовчилик гувоҳномалари етакчилик қилмоқда — улар аниқланган барча сохта ҳужжатларнинг 41 фоизини ташкил этади. Кўпинча бу ҳужжатлар аввал ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан сотиб олинади.
Шунингдек, МДҲ давлатлари паспортлари ва яшаш учун рухсатномалар (ВНЖ) ҳам сохталаштириш бўйича юқори улушга эга бўлиб, улар жами ҳолатларнинг 18 фоизини ташкил қилади. Бир йил ичида ушбу тоифадаги сохта ҳужжатлар сони 41 фоизга ошган. Россия фуқароларининг паспортлари эса 16 фоизни ташкил этади.
Экспертлар сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши сохта ҳужжатлар бозорини кенгайтираётганини таъкидламоқда. Унинг ёрдамида ҳужжатлардаги маълумотлар, фотосуратлар ва муҳрларни ўзгартириш осонлашган. 2025-йилда сохта шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ноқонуний бозорининг ҳажми 2,6 миллиард рублга баҳоланган.
Мутахассислар ҳужжатларни текширишда фақат визуал кўринишга эмас, балки улардаги ҳимоя элементлари ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилмоқда. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини ёдда тутиш лозим.









