SOS
Ҳужжатлар

Россияда 400 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда – Сергей Лавров

Россияда 400 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда – Сергей Лавров

Россия олий таълим муассасаларида айни пайтда 400 мингга яқин хорижлик фуқаро таҳсил олмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Екатеринбургда бўлиб ўтаётган Халқаро ёшлар фестивалидаги чиқиши давомида баёнот берди.

Вазирнинг таъкидлашича, Россия дунё ёшлари учун сифатли ва ҳамёнбоп таълим маркази бўлиб қолмоқда. Айни пайтда мамлакат олий таълим тизими нафақат анъанавий квоталар, балки янги қўллаб-қувватлаш тизимлари орқали ҳам хорижлик абитуриентларни жалб қилмоқда.

Иқтидорли ёшлар учун янги грантлар

Сергей Лавров ўз нутқида хорижлик талабаларни рағбатлантиришнинг янги механизмлари ишга туширилганига алоҳида тўхталди.

«Биз нафақат давлат квоталари сонини сақлаб қоляпмиз, балки уларни янада кенгайтиряпмиз. Шу билан бирга, энг иқтидорли хорижлик талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус грант механизмлари жорий этилди», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Бу тизим хориждан келган муваффақиятли талабаларнинг яшаш ва таълим харажатларини қоплаш орқали уларнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Россия халқаро ёшлар маркази сифатида

Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Екатеринбург шаҳри Халқаро ёшлар фестивалига мезбонлик қилмоқда. 11-сентябрдан 17-сентябргача давом этадиган мазкур йирик анжуманда дунёнинг 190 дан ортиқ давлатидан 10 мингга яқин ёш етакчилар, талабалар ва фаоллар иштирок этмоқда.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Россия университетларида чет эллик талабалар сонининг барқарор ўсиши (расмий статистикага кўра, умумий кўрсаткич 422 мингдан ошади) мамлакат таълим тизимининг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ҳамон юқори эканидан далолат беради.

17.09.20263