Россияда хорижлик ишчиларнинг даромади устидан назорат кучайтирилмоқда. 1-октябрдан бошлаб Солиқ хизмати ягона электрон алоқа тизими орқали мигрантларнинг топган даромадлари ҳақидаги маълумотларни Россия Ички ишлар вазирлигига тақдим этишни бошлади.
Эндиликда мамлакатда қонуний яшаш ва ишлаш учун расмий даромад миқдори ҳудудий коэффициент ва оила таркибини ҳисобга олган ҳолда белгиланган даражадан кам бўлмаслиги шарт. Агар мигрантнинг даромади ушбу белгиланган суммадан кам бўлса, унинг ишлаш учун рухсатномаси ёки патенти бекор қилинади.
Қоидабузарлик аниқланган тақдирда, мигрант Россияда ишлаш ҳуқуқини фақат бир йил ўтгачгина қайтадан олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, мигрантлар ўзи билан бирга яшайдиган, лекин ишламайдиган ҳар бир оила аъзоси, шу жумладан турмуш ўртоғи ва фарзандлари учун патент нархининг 50 фоизи миқдорида қўшимча тўловни амалга ошириши талаб этилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, солиқ хизмати хорижликларнинг ўз яқинларини таъминлаш имкониятини аниқлаш учун уларнинг ҳақиқий маошларини синчковлик билан текширади. Шунингдек, мамлакатда қолиш ҳуқуқини меҳнат шартномасига қатъий боғлаш таклиф этилмоқда, яъни шартнома муддати тугаши билан ишчи янги иш изламасдан, дарҳол ўз юртига қайтиб кетиши лозим бўлади.









