SOS
Ҳужжатлар

Россияда мигрантлар энг кўп йўл қўядиган қоидабузарликлар ва жарималар ошиши

Россияда мигрантлар энг кўп йўл қўядиган қоидабузарликлар ва жарималар ошиши

2026-йилда Россияда бўлиб турган хорижлик фуқаролар орасида энг кўп қайд этилаётган қоидабузарликлар рўйхати эълон қилинди. Асосий муаммолар қаторида вақтинчалик рўйхатдан ўтишнинг йўқлиги ёки унинг муддати ўтиб кетиши (18.8-модда, 1-қисм) ҳамда Россияда бўлиш муддатини бузиш ёки тегишли ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги (18.8-модда, 1.1-қисм) турибди. Ушбу қоидабузарликлар учун 2 000 дан 7 000 рублгача жарима, айрим ҳолларда эса мамлакатдан чиқариб юбориш жазоси қўлланилади.

Шунингдек, патентга эга бўлмасдан ишлаш, патентда кўрсатилмаган касбда ёки бошқа ҳудудда ишлаш (18.10-модда) ҳам кўп учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Бунда 2 000 дан 7 000 рублгача жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш хавфи мавжуд. Агар мигрант Россияга киргандан сўнг 30 кун ичида патент учун ҳужжат топширмаса (18.20-модда), у 10 000 дан 15 000 рублгача жаримага тортилиши мумкин.

2026-йил 3-ноябрдан бошлаб жарималар миқдори оширилади. Хусусан, 18.8 ва 18.10-моддалар бўйича энг кам жарима миқдори 2 000 рублдан 4 000 рублга кўтарилади. Москва, Санкт-Петербург ва уларнинг вилоятларида 18.8-модда бўйича қоидабузарликлар учун жарима миқдори 7 000 дан 9 000 рублгача этиб белгиланди.

Мутахассислар эслатишича, бир йил давомида икки марта маъмурий жаримага тортилиш вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёки яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олишда рад жавобини олишга сабаб бўлиши мумкин. Мигрантларга ўз ҳужжатлари муддатини ва қонунчилик талабларини доимий назоратда сақлаш тавсия этилади.

23.10.20261