Россияда визасиз тартибда бўлиб турган хорижликлар учун миграция қоидаларига риоя қилиш тартиби кучайтирилди. Агар чет эл фуқароси мамлакатга қайта кирганда қоидаларни, жумладан, бўлиш муддатини ёки ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини яна бир бор бузса, у назорат остидаги шахслар реестрига киритилиши мумкин.
Мутахассислар эслатишича, визасиз мамлакатлар фуқаролари учун «90/365» қоидаси амал қилади: йил давомида Россияда жами 90 кундан ортиқ бўлиш тақиқланади. Мамлакатдан чиқиб, қайта кириш бу муддатни «нолга туширмайди». Шунингдек, патент, вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ёки яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) муддатларини ўз вақтида узайтириш муҳим. Ҳужжат муддати ҳатто бир кунга ўтиб кетса ҳам, у бекор қилиниши ва фуқаро реестрга тушиши хавфи мавжуд.
Патент учун тўловларни амалга оширишда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади. Тўловни бир кун кечиктириш патентнинг бекор қилинишига олиб келади, уни қайта тиклаб бўлмайди ва янгисини фақат бир йилдан кейин расмийлаштириш мумкин бўлади. Бундан ташқари, рухсатномасиз ишлаш, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузиш жарима, депортация ҳамда 10 йилгача кириш тақиқига сабаб бўлиши мумкин.
Мигрантларга паспорт, нотариал таржима, миграция картаси, рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги билдиришнома ва патент тўловлари чекларини доимо ўзлари билан олиб юриш тавсия этилади. Москва ва Москва вилоятида ишлаётган визасиз мигрантлар ўз турар жойлари ҳақидаги маълумотларни «Амина» иловаси орқали хабар қилиб боришлари шарт.









