Россияда Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг никоҳдан ўтиши Россия Федерацияси Оила кодексининг 156-моддасига мувофиқ қатъий қоидалар асосида амалга оширилади. Никоҳ тузиш шартлари ҳар бир томоннинг ўз фуқаролиги бўлган давлат қонунчилиги ҳамда Россия қонунлари талаблари билан белгиланади.
2024-йил 8-августдаги 260-ФЗ-сонли федерал қонунга кўра, никоҳ тузишда янги чеклов жорий этилди. Агар бўлажак турмуш ўртоқлардан бири Россияда "назорат остидаги шахслар" (реестр контролируемих лиц) рўйхатига киритилган бўлса, уларнинг никоҳи қайд этилмайди. Шунингдек, Россия Оила кодексининг 14-моддасига биноан, бошқа никоҳда турганлик, яқин қариндошлик, фарзандликка олувчи ва олинган шахслар ўртасидаги муносабатлар ёки руҳий касаллик туфайли муомалага лаёқатсизлик ҳолатларида ҳам никоҳга рухсат берилмайди.
Никоҳдан ўтиш учун хорижий фуқаролар ўз давлатининг ваколатли органлари ёки консуллик муассасаларидан олинган, никоҳда эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари шарт. Ушбу ҳужжатлар рус тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда легаллаштирилиши лозим. Шуни ёдда тутиш керакки, Россияда никоҳдан ўтиш автоматик равишда фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқини бермайди.
Ҳар бир ҳолат бўйича якуний қарорни ФҲДЁ (ЗАГС) органлари ҳужжатларни индивидуал баҳолаш асосида қабул қилади. Мигрантлар никоҳ жараёнини бошлашдан олдин Россия қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар билан танишиб чиқишлари ва барча зарур ҳужжатларни тўлиқ тайёрлашлари тавсия этилади.









