Россия ИИВнинг Краснодар ўлкаси бўйича бошқармаси хабарига кўра, Славянск туманида ноқонуний миграцияни ташкил этиш ҳолати аниқланди. 74 ёшли маҳаллий фуқаро ўз уйида хорижликларга яшаш учун шароит яратиб бергани учун гумонланувчи деб топилган.
Аниқланишича, 2026-йилнинг июнидан октябр ойига қадар бўлган даврда ушбу аёл пул эвазига Ўзбекистондан келган 3 нафар фуқарони ўз уйида яшашга рухсат берган. Уйда овқат тайёрлаш, электр энергияси ва бошқа маиший эҳтиёжлар учун зарур шароитлар мавжуд бўлган.
Россия ИИВнинг Славянск тумани бўйича бўлими томонидан гумонланувчига нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси (ноқонуний миграцияни ташкил этиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Ушбу ҳолат мигрантлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки ноқонуний рўйхатдан ўтиш ёки яшаш жойи бўйича сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Мигрантларга доимий равишда расмий ва қонуний ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтиш тавсия этилади.









