Россиядаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар таълим олиш мақсадида вақтинча яшаш рухсатномасини (РВПО) атиги бир ой муддат ичида расмийлаштириб олишлари мумкин. Ушбу мақом талабага Россия ҳудудида қонуний яшаш ҳуқуқини бериш билан бирга, келгусида яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиш имкониятини ҳам тақдим этади. Шунингдек, РВПОга эга бўлган талабалар Россия армиясидаги ҳарбий хизматдан озод этилади.
Рухсатномани олиш учун талабгорлар тегишли ҳужжатлар тўпламини Россия ИИВ органларига тақдим этишлари лозим. Керакли ҳужжатлар рўйхатига икки нусхадаги ариза, муддати камида 3 ой бўлган хорижий паспорт ва унинг нотариал тасдиқланган таржимаси, 35x45 мм ўлчамдаги икки дона фотосурат ҳамда судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома (апостиль қўйилган ҳолда) киради.
Бундан ташқари, талаба ўқишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи буйруқдан кўчирма ва деканатдан маълумотнома, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция, миграция картаси ҳамда яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги билдиришнома талаб этилади. Шунингдек, тиббий кўрик натижалари ва дактилоскопия (бармоқ изларини топшириш) жараёнидан ўтиш мажбурий ҳисобланади.
Давлат божи тўловлари ва ҳужжатларни топшириш бўйича аниқ реквизитларни ҳудудий ИИВ бўлимларидан аниқлаштириш тавсия этилади. Ушбу тартиб талабаларга ўқиш даврида ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тезроқ ҳал этиш ва қўшимча ҳуқуқий кафолатларга эга бўлиш имконини яратади.









