Россиянинг Боготол шаҳрида 63 ёшли нафақахўр аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. У жорий йилнинг сентябрь ойида паспорт столига икки нафар хорижий фуқарони ўз яшаш манзилига рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳужжатларни тақдим этган. Бироқ, полиция ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида хорижликлар кўрсатилган манзилда яшамаслиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг “Хорижий фуқароларни ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни Россия Федерациясида бўлиш жойи бўйича сохта рўйхатга олиш” моддаси билан жиноий иш очилди. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахслар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Полиция ходимлари сохта рўйхатга олишнинг асосий белгиларини эслатиб ўтди. Булар: атайлаб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш, хорижликнинг ушбу манзилда ҳақиқатда яшаш нияти йўқлиги ҳамда уй эгасининг турар жойни ҳақиқатда фойдаланиш учун тақдим этиш ниятининг мавжуд эмаслигидир.
Эслатиб ўтамиз, хорижий фуқаролар учун рўйхатдан ўтиш Россия ҳудудида қонуний бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мажбурий ҳисобланади. Мутахассислар уй эгаларини қонун талабларига риоя қилишга ва сохта рўйхатга олиш ҳолатларидан тийилишга чақирмоқда.









