Челябинск шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, маҳаллий фуқаро ўзига тегишли бўлган бешта турар жойдан бирини хорижий фуқароларни сохта миграция ҳисобига қўйиш учун фойдаланиб келган.
Россия ИИВнинг Челябинск шаҳри бўйича “Ленинский” полиция бўлими ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу шахснинг 41 та жиноят эпизоди аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилди.
Ленинский туман суди қарорига кўра, айбланувчига 500 000 рубл миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, суд қарори билан хорижликларни сохта рўйхатга олишда фойдаланилган, қиймати 4 миллион 841 минг рублга тенг бўлган квартира давлат фойдасига мусодара қилинди.
Ушбу ҳолат миграция қонунчилигини бузиш, хусусан, сохта рўйхатдан ўтиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини кўрсатади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари миграция соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича назоратни кучайтирганини маълум қилмоқда.









