SOS
Ҳужжатлар

RuID иловасида QR-код чиқмаяпти: муаммони қандай ҳал қилиш керак?

RuID иловасида QR-код чиқмаяпти: муаммони қандай ҳал қилиш керак?

Россияга киришни режалаштираётган хорижлик фуқаролар учун RuID иловаси орқали электрон ариза топшириш ва QR-код олиш тартиби жорий этилди. 2026-йил 1-июлдан бошлаб визасиз режимдаги мамлакатлар фуқаролари Россияга иш ёки ўқиш мақсадида киришдан камида 72 соат олдин ушбу тизим орқали ариза беришлари ва биометрик маълумотларини топширишлари шарт.

Кўплаб фойдаланувчилар QR-код шаклланмаслиги ёки илованинг ишлашидаги техник носозликларга дуч келмоқда. Мутахассислар QR-код чиқмаслигининг асосий сабаби сифатида паспорт маълумотларидаги хатоликларни (исмнинг лотинча ёзилиши, паспорт рақами ёки туғилган сана) кўрсатишмоқда. Шунингдек, ариза ҳали „қоралама“ (черновик) ҳолатида қолган бўлиши ёки текширув жараёни ҳали якунланмаган бўлиши мумкин.

Муаммони ҳал қилиш учун аввало аризангиз мақомини текширинг: у „юборилган“ (отправлено) ва „маъқулланган“ (одобрено) ҳолатда бўлиши керак. Агар тизим „тузатиш талаб қилинади“ (требуется исправление) деган хабарни берса, янги ариза яратмасдан, айнан кўрсатилган хатони тўғрилаш лозим. Шунингдек, илованинг янги версиясидан фойдаланаётганингизга, интернет барқарорлигига ва VPN ўчирилганига ишонч ҳосил қилинг.

Биометрия топширишда қийинчиликлар бўлса, ёруғлик етарли эканлигини текширинг ва иловага камера ҳамда микрофон учун рухсат берилганлигини қайта кўриб чиқинг. Агар барча маълумотлар тўғри киритилган бўлса-ю, QR-код барибир чиқмаса, ариза рақами ва хатолик акс этган скриншотларни сақлаб қўйинг. Бу ҳужжатлар чегара назоратидан ўтишда ва техник ёрдам хизматига мурожаат қилишда керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, QR-коднинг йўқлиги автоматик тарзда кириш тақиқланганини англатмайди, бироқ тизимда эски қоидабузарликлар мавжуд бўлса, Россия ИИВ сайти орқали кириш тақиқи бор-йўқлигини олдиндан текшириб кўриш тавсия этилади. QR-код фақат кириш ҳуқуқини тасдиқлайди, у патент олиш ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтиш мажбуриятини бекор қилмайди.

15.10.20260