Россия ИИВнинг Рязань вилояти бўйича миграция бошқармаси вақтинча яшаш учун рухсатнома (РВП) олиш мақсадида квота ажратиш бўйича ариза-анкеталарни қабул қилишини эълон қилди. Ҳужжатлар 2026-йил 5-октябрь куни соат 09:30 дан 12:30 гача ҳамда 6-октябрь куни соат 14:30 дан 16:30 гача қабул қилинади.
Аризалар Рязань шаҳри, 14-Линия кўчаси, 2В манзилидаги 2-залда қабул қилинади. Мигрантлар ўзлари билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт), миграция картаси ҳамда рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги билдиришноманинг йиртма қисмини олиб келишлари шарт.
Комиссия квота ажратишда бир қатор мезонларга таянади. Хусусан, номзод Россия ҳудудида охирги 3 йил давомида ҳар йили камида 6 ой меҳнат фаолиятини олиб борган бўлиши ва иш берувчи томонидан суғурта бадаллари тўланган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, Россия фуқароси бўлган қариндошларнинг мавжудлиги, ҳудудда шахсий уй-жойга эгалик қилиш, судланмаганлик ва маъмурий жавобгарликка тортилмаганлик каби омиллар ҳам инобатга олинади.
Қўшимча маълумотлар олиш учун 29-91-20 ва 29-91-23 телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин. Аризаларни кўриб чиқиш тартиби Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2020-йил 29-декабрдаги 2345-сонли қарори билан тартибга солинади.









