Россия ИИВ маълумотларига кўра, Москвадаги савдо марказларидан бирида жойлашган кийим-кечак шоуруми ниқоби остида ноқонуний миграция канали фаолият юритган. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу схемани ташкил этган Марказий Осиё ва Кавказрти республикаларидан бўлган 3 нафар шахс қўлга олинди.
Жиноятчилар 100 дан ортиқ назорат остидаги юридик шахслар тармоғидан фойдаланган ҳолда хорижлик фуқаролар учун сохта меҳнат шартномалари ва тиббий дафтарчаларни тайёрлаб берган. Шунингдек, улар мижозларни турар жой ва иш учун зарур транспорт билан таъминлаш хизматларини ҳам кўрсатиб келган. Ушбу ноқонуний тизим орқали Россия ҳудудига бир неча минг хорижлик фуқаро кириб келган.
Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда гумондорларнинг икки нафари қамоққа олинган, бир нафари эса уй қамоғига чиқарилган. Тергов органлари ушбу схема орқали мамлакатга кирган ва миграция қонунчилигини бузган ҳолда яшаётган барча шахсларни аниқлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда.
Мигрантлар учун ушбу ҳолат муҳим огоҳлантириш бўлиб, сохта ҳужжатлар ёки ноқонуний воситачилар хизматидан фойдаланиш Россия қонунчилигига кўра жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳар қандай миграция ҳужжатларини расмийлаштиришда фақат қонуний ва расмий каналларга мурожаат қилиш тавсия этилади.









