SOS
Ҳужжатлар

Сохта никоҳ орқали ҳужжат олган 18 киши судланди

Сохта никоҳ орқали ҳужжат олган 18 киши судланди

Воронеж вилоятининг Панинский туман суди ноқонуний миграцияни ташкил этишда айбдор деб топилган 18 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Суд жараёнида аниқланишича, ушбу гуруҳ аъзолари хорижлик фуқароларга Россияда яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олишда ёрдам бериш мақсадида Россия фуқаролари билан сохта никоҳлар тузиш схемасини йўлга қўйган.

Жиноят ишига кўра, гуруҳ ташкилотчиси Р. Г. Вердиев ўғли ўз шериклари П. М. Александрова, Н. Н. Данченко ва яна 15 нафар шахс билан биргаликда пул эвазига мигрантлар учун сохта никоҳлар ташкил қилган. Бу усул хорижликларга соддалаштирилган тартибда Россияда қонуний яшаш ҳуқуқини олиш имконини берган. Судланувчиларнинг ҳеч бири ўз айбига иқрор бўлмаган.

Суд қарорига кўра, гуруҳ ташкилотчиси 3 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилиб, 400 минг рубл миқдорида жаримага тортилди. Унинг асосий ёрдамчилари 2,5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, ҳар бирига 300 минг рублдан жарима белгиланди. Қолган 15 нафар иштирокчи эса 2 йил муддатга умумий тартибли колонияга юборилди ва уларнинг ҳар бири 300 минг рубл миқдорида жарима тўлаши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган ва томонлар уни апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолат Россияда миграция қонунчилигини четлаб ўтишга уринишлар қаттиқ назорат қилинаётганини ва сохта ҳужжатлар билан боғлиқ ҳаракатлар жиддий жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатади.

19.10.20263