Санкт-Петербург шаҳрида ноқонуний миграцияни ташкил этишда айбланган 12 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Шаҳар прокуратураси маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари 2015-йилнинг августидан 2024-йилнинг мартигача бўлган даврда хорижликларнинг Россия ҳудудида ноқонуний қолишига кўмаклашган.
Суд жараёнида аниқланишича, айбланувчилар хорижий фуқароларга оила қуриш ниятисиз сохта никоҳлар тузишда ёрдам беришган. Бунда гуруҳ аъзоларининг ўзлари “турмуш ўртоқ” сифатида иштирок этишган. Никоҳ расмийлаштирилгач, улар хорижликларга тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни қонунийлаштириш жараёнларида кўмаклашган. Умуман олганда, ушбу схема орқали камида 19 нафар хорижий фуқаронинг Россиядаги мақоми ноқонуний тарзда легаллаштирилган.
Суд айбланувчиларга уларнинг қилмишига қараб турлича жазо тайинлади. Ҳукмга кўра, жазо муддатлари 1 йил 10 ойлик шартли қамоқ жазосидан тортиб, 3 йил 6 ойлик умумий тартибли колонияда сақлашгача белгиланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўрилган чоралар натижасида барча сохта никоҳлар бекор қилинди. Шунингдек, ушбу схема орқали олинган хорижий фуқароларнинг вақтинчалик яшаш рухсатномалари (РВП) ҳам бекор қилингани маълум қилинди.









