Россия ИИВнинг Балахта-Новоселово бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширувлар давомида ноқонуний миграция ҳолати аниқланди. Красноярск шаҳрининг 47 ёшли фуқароси ўзига тегишли бўлган, аммо яшаш учун яроқсиз ва вайрон бўлган хусусий уйда 5 нафар хорижлик фуқарони рўйхатдан ўтказганликда айбланмоқда.
Аниқланишича, гумонланувчи жорий ёз мавсумида электрон хизматлар орқали ушбу 5 нафар мигрантни Чулим қишлоғидаги яроқсиз уйга вақтинча рўйхатга қўйган. Аслида хорижликлар ушбу манзилда яшашни режалаштирмаган, рўйхатдан ўтиш уларга Красноярск ўлкасида қонуний бўлиш учун зарур бўлган холос.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси (чет эл фуқаросини яшаш жойи бўйича сохта рўйхатга олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, айбдор шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мигрантлар учун бу ҳолат жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Сохта рўйхатдан ўтиш фактлари аниқланганда, хорижликларнинг яшаш учун рухсатномалари бекор қилиниши ва уларнинг Россия ҳудудида бўлиши ноқонуний деб топилиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли, чет эл фуқароларига ўз ҳужжатларини расмийлаштиришда фақат ҳақиқий яшаш манзилларидан фойдаланиш тавсия этилади.









