Тверь шаҳри Заволжск туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган текширув жараёнида хорижлик фуқаронинг қалбаки ҳужжатлардан фойдалангани аниқланди. Марказий Осиё давлатларидан келган мигрант патент олиш учун миграция бўлимига мурожаат қилган ва рус тили, Россия тарихи ҳамда қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи сертификатни тақдим этган.
Полиция ходимларида ҳужжатнинг ҳақиқийлиги бўйича шубҳа уйғонган. Эксперт-криминалистика маркази томонидан ўтказилган текширув сертификатнинг давлат намуналарига мос келмаслигини тасдиқлади. Шунингдек, хорижлик фуқаронинг паспорти ҳам текширувга юборилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 327-моддаси 3-қисми («Қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қонунга кўра, мазкур айблов учун бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.
Бундан ташқари, хорижлик фуқаро Россия Федерацияси ҳудудига кириш қоидаларини бузгани учун Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 18.8-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.









