Ставрополь ўлкаси ИИВ Бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2026-йил бошидан буён 70 нафар хорижий фуқаро Россия Федерацияси фуқаролигини қўлга киритди. Ушбу шахслар махсус ҳарбий операцияда иштирок этган ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларидир.
Фуқароликни олиш жараёни 2025-йил 5-ноябрдан кучга кирган Россия Президентининг 821-сонли фармонига мувофиқ соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда. Ушбу тартиб 2022-йил 24-февралдан кейин камида бир йил муддатга ҳарбий хизмат шартномасини имзолаган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.
Соддалаштирилган тартибнинг афзалликлари шундаки, бунда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома (РВП) ёки яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) олиш, Россияда беш йил давомида доимий яшаш талаби, судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда давлат божини тўлаш шарт эмас.
Фуқароликни расмийлаштириш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат (нотариал тасдиқланган таржима билан) ҳамда ҳарбий хизмат шартномаси ёки хизматдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма тақдим этиш талаб қилинади. Шунингдек, ушбу имкониятдан ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари, фарзандлари ва ота-оналари ҳам фойдаланишлари мумкин.









