Твер шаҳрида Россия ИИВ ходимлари томонидан ноқонуний миграция схемасини ташкил этган икки маҳаллий фуқаро қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, 38 ёшли эркак хорижликларнинг Россия ҳудудида бўлиши ва уларни ноқонуний ишга жойлаштириш билан шуғулланган. Унинг 66 ёшли шериги эса ўз уйида хорижликларни сохта рўйхатдан ўтказиш учун шароит яратиб берган.
Аниқланишича, 66 ёшли фуқаро ўз яшаш манзилига 5 нафар хорижликни расман рўйхатдан ўтказган. Бироқ, текширувлар натижасида ушбу шахслар кўрсатилган манзилда ҳақиқатда яшамаганлиги ва у ерда яшаш нияти ҳам бўлмагани аниқланган. Ушбу ҳолат Россия қонунчилигига кўра "сохта рўйхатга олиш" деб баҳоланади.
Ушбу воқеа муносабати билан гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. 38 ёшли эркак ноқонуний миграцияни ташкил этганликда, 66 ёшли уй эгаси эса Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси (хорижий фуқароларни сохта рўйхатга олиш) бўйича жавобгарликка тортилмоқда.
Мигрантлар учун эслатма: яшаш жойи бўйича ҳақиқий манзилга эга бўлмасдан, фақат ҳужжат учун рўйхатдан ўтиш қонунбузарлик ҳисобланади. Бундай схемаларда иштирок этиш келажакда Россия ҳудудидан чиқариб юборилиши ва миграция қонунчилигини бузганлик учун бошқа жиддий чекловларга сабаб бўлиши мумкин.









