Россияда вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП) 3 йил муддатга берилади ва уни узайтириш имконияти мавжуд эмас. Белгиланган муддат якунлангач, ҳужжатнинг амал қилиш муддати автоматик равишда тўхтайди, шу сабабли муддат тугашини назорат қилиб бориш муҳимдир.
РВП эгалари қонунчиликда белгиланган қатор мажбуриятларга риоя этишлари шарт. Хусусан, ҳар йили яшаш жойи ва даромадни тасдиқловчи билдиришномани топшириш, бир йил давомида Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида 180 кундан ортиқ бўлмаслик ҳамда паспорт алмаштирилганда РВП муҳрини янги паспортга ўтказиб қўйиш талаб этилади. Ушбу қоидаларнинг бузилиши РВПдан маҳрум қилинишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, РВП эгалари доимий яшаш ҳуқуқини берувчи яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиш имкониятига эга. ВНЖ учун ҳужжатларни РВП олинганидан кейин 8 ой ўтгач ёки РВПнинг 3 йиллик муддати тугашига 4-6 ой қолганда топшириш мумкин.









