Россия ИИВнинг Волгоград шаҳри бўйича бошқармаси хабарига кўра, 127 нафар хорижлик фуқаронинг мамлакатда ноқонуний қолишини таъминлаган уюшган гуруҳ устидан тергов якунланиб, иш Тракторозавод туман судига оширилди. Гуруҳ таркибига 61 ёшли Озарбайжон фуқароси, унинг 56 ёшли шериги ва 30 ёшли жияни кирган. Уларнинг барчаси бир неча йил аввал Россия фуқаролигини олган.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари 2021-йилнинг апрелидан 2025-йилнинг июнига қадар Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжон фуқароларини ўзларига тегишли турар жойларга сохта рўйхатдан ўтказиб келган. Шунингдек, мигрантларга патент олиш ва Россияда бўлиш муддатини узайтириш имконини берувчи сохта меҳнат шартномалари расмийлаштирилган. Ушбу хизматлар учун ҳар бир шахсдан 3 мингдан 6 минг рублгача ҳақ олинган.
Жиноят иши доирасида гуруҳ жами 900 минг рублга яқин даромад кўргани аниқланган. 2025-йил июн ойида полиция томонидан ушбу ноқонуний фаолиятга чек қўйилган. Ҳозирда гумонланувчилар ҳибсда сақланмоқда ва улар ўз айбига иқрор бўлмаган.
Судланувчиларга Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси (ноқонуний миграцияни ташкил этиш) ва бошқа моддалар бўйича айбловлар қўйилган. Уларга 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда Россия фуқаролигидан маҳрум этилиш хавфи мавжуд.









