Челябинск вилояти ИИВ Ғарбий бошқармасининг Гиёҳванд моддалар назорати бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки нафар хорижлик фуқаро қўлга олинди. 2003 ва 2007-йилда туғилган шахслар интернет орқали гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотишда гумон қилинмоқда.
Тинтув жараёнида гумонланувчиларнинг вақтинча яшаш жойидан электрон тарозилар, қадоқлаш материаллари, изоляцион ленталар ва магнитлар топилган. Шунингдек, Челябинскнинг Ленинский туманида улар томонидан интернет-дўкон орқали сотиш учун тайёрланган яширин жойлар (закладкалар) аниқланган. Ушбу жойлардан умумий оғирлиги қарийб бир грамм бўлган тўрт ўрам метадон мусодара қилинган.
Россия ИИВнинг Челябинск шаҳри бўйича тергов бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчиларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228.1-моддаси 3-қисми (гиёҳванд моддаларни олдиндан тил бириктирган ҳолда, гуруҳ бўлиб, катта миқдорда сотишга уриниш) бўйича айблов илгари сурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия қонунчилигига кўра, гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун узоқ муддатли қамоқ жазоси назарда тутилган.









