Иваново шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари банк картасидан пул ўғирлашда гумон қилинган шахсни қўлга олди. Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида бировга тегишли банк картасини топиб олган ва ундан шахсий мақсадларда фойдаланишга қарор қилган.
Эркак топилган картадан фойдаланиб, автосервисда харидлар амалга оширган. Натижада жабрланувчининг ҳисоб рақамидан жами 5 000 рублдан ортиқ маблағ ечиб олинган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчининг шахси аниқланиб, у қўлга олинди.
Маълум бўлишича, ушланган шахс Россия ҳудудида амалдаги қонунчиликни бузган ҳолда, яъни ноқонуний равишда яшаб келаётган хориж фуқароси бўлиб чиқди. Ҳозирда унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми («Банк ҳисобварағидан ўғрилик») бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, мазкур шахс Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахслар реестрига киритилди. Суд ҳукми ва белгиланган жазо муддати ўтаб бўлингандан сўнг, ушбу фуқарога нисбатан Россия Федерациясидан мажбурий депортация қилиш чораси қўлланилади.









