SOS
Жиноят

Жанубий Кореяда ноқонуний киракашлик қилган ўзбекистонлик маҳаллий таксичини аёвсиз калтаклади

Жанубий Кореяда ноқонуний киракашлик қилган ўзбекистонлик маҳаллий таксичини аёвсиз калтаклади

Жанубий Кореянинг Кёнги вилояти, Хвасон шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ва маҳаллий аҳоли вакили ўртасида мудҳиш жанжал содир бўлди. Ноқонуний равишда йўловчи ташиш билан шуғулланган ўзбекистонлик фуқаро ўзини тасвирга олмоқчи бўлган кореялик такси ҳайдовчисини ҳушидан кетгунча калтаклаган. Айни пайтда гумонланувчи ҳибсга олиниб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Ҳодиса жорий йилнинг 18-октябр куни содир бўлган бўлиб, у маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди.

Маълумотларга кўра, 30 ёшлар атрофидаги Ўзбекистон фуқароси ўз шахсий автомобилида (асосан Telegram гуруҳлари орқали буюртма олиб) ноқонуний равишда киракашлик билан шуғулланиб келган. Шу куни 50 ёшли маҳаллий кореялик такси ҳайдовчиси ушбу ноқонуний фаолиятни пайқаб қолган. У мигрантдан қонунбузарликни тўхтатишни талаб қилган ва далил сифатида уни ўзининг уяли телефонига муҳрламоқчи (видеога олмоқчи) бўлган. Бундан ғазабланган ўзбекистонлик фуқаро маҳаллий ҳайдовчига ташланиб, унинг жағ қисмига кучли мушт зарбаси берган.

Гувоҳлар ва видеорегистратор тасвирларига кўра, кореялик ҳайдовчи кучли зарбадан ерга йиқилиб, ҳушини йўқотган. Бироқ ҳужумчи тўхтамаган ва ҳушсиз ётган эркакни аёвсиз равишда қўл ва оёқлари билан уришда давом этган. Жиноятни содир этгач, у воқеа жойидан яширинган. Жабрланувчи мия чайқалиши ва жиддий тан жароҳатлари билан зудликда шифохонага ётқизилган. Жиддий аҳволдаги ҳайдовчининг даволаниш жараёни давом этмоқда.

Жанубий Корея полицияси атрофдаги кузатув камералари ва видеорегистратор тасвирларини синчиклаб ўрганиб, 22-октябр куни гумонланувчи ўзбекистонликни қўлга олди. Ҳозирда у ҳибсда сақланмоқда ва сўроқ қилинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, шифохонанинг якуний тиббий хулосасига қараб, мигрантга нисбатан айблов янада оғирлаштирилиши мумкин.

Ушбу ҳолат Корея жамиятида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Натижада, мамлакат полицияси ва Иммиграция хизмати йил якунига қадар ноқонуний таксичилик ва ташувчилик билан шуғулланаётган чет эл фуқароларини аниқлаш бўйича кенг қамровли рейдлар ўтказилишини эълон қилди.

27.10.20261