Москва вилоятининг Власиха шаҳрида жойлашган Апелляция ҳарбий судига «Крокус Сити Холл» концерт залидаги теракт иши иштирокчилари томонидан шикоятлар келиб тушди. ТАСС агентлигининг маълум қилишича, Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 500 жилддан ортиқ жиноят иши материалларини ҳамда судланувчилар ва жабрланувчиларнинг адвокатлари томонидан берилган шикоятларни юқори инстанцияга тақдим этган. Апелляция жараёнлари ёпиқ тартибда ўтказилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 12-март куни Иккинчи Ғарбий округ суди 2024-yilda содир этилган теракт бўйича ҳукм чиқарган эди. Унга кўра, терактнинг 4 нафар ижрочиси ва 11 нафар ёрдамчиси умрбод озодликдан маҳрум этилди. Яна 4 нафар судланувчига эса 19 йил 11 ойдан 22 йил 6 ойгача бўлган муддатдаги қамоқ жазолари тайинланган. Шунингдек, суд жабрланувчилар томонидан тақдим этилган 27 та фуқаролик даъвосини тўлиқ қаноатлантирган.
Ҳукм эълон қилинганидан бир ой ўтиб, судланувчилардан бири Ёқубжон Давлатхон Юсуфзода «Матросская Тишина» тергов изоҳхонасида вафот этгани маълум бўлди. Ҳозирги вақтда қолган маҳкумлар устидан назорат кучайтирилган бўлиб, бу уларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ҳукм қонуний кучга киргач, уларни колонияларга жўнатишни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.









