Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Москва вилояти истиқомат қилувчиси, 19 ёшли Корнелий Курбатовга нисбатан ҳукм чиқарди. У террорчилик фаолияти, террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш ҳамда террорчилик фаолиятига ўқитиш каби айбловлар бўйича айбдор деб топилди.
Суд ва тергов маълумотларига кўра, 2024-йилнинг декабр ойида Курбатов ўзининг 17 ёшли таниши билан биргаликда Серпухов шаҳридаги масжид биносига ўт қўймоқчи бўлган. Ҳодиса оқибатида бино жиддий зарар кўрмаган, фақат деворларида куйиш излари қолган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида Курбатовнинг телефонидан ёнувчи суюқлик тайёрлаш ва жиноятга тайёргарлик кўриш бўйича йўриқномалар топилган.
Суд қарори билан Курбатов 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди. У ўз айбига иқрор бўлган. Унинг шериги бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан эса мажбурий даволаш чоралари тайинланган.









