SOS
Жиноят

Новосибирскда 4 нафар мигрант наркотик савдоси билан шуғуллангани учун қўлга олинди

Новосибирскда 4 нафар мигрант наркотик савдоси билан шуғуллангани учун қўлга олинди

Новосибирск вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 4 нафар хорижлик фуқаро қўлга олинди. 19 ва 20 ёшли йигитлар Россияга меҳнат мигранти сифатида кириб келган бўлса-да, тергов маълумотларига кўра, улар онлайн наркомаркетларда улгуржи курьер сифатида фаолият юритган.

Аниқланишича, гумонланувчилар аноним куратор кўрсатмалари асосида тақиқланган моддаларнинг йирик партияларини яширинган жойлардан олиб, ижарага олинган хонадонга ташиган. У ерда моддалар кичик дозаларга бўлиниб, махфий жойларга (закладка) жойлаштириш учун чакана сотувчиларга етказиб берилган. Тинчув жараёнида 800 дан ортиқ тайёр ўрам, электрон тарози ва қадоқлаш воситалари топилган. Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган героин ва метадоннинг умумий оғирлиги 1,5 килограммдан ошади.

Қўлга олинган шахслар сўроқ вақтида ижтимоий тармоқлардаги мессенжерларда эълон қилинган “енгил даромад” таклифи орқали ушбу ноқонуний фаолиятга жалб қилинганликларини тан олишган. Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228.1-моддаси 5-қисми (наркотик моддаларни ўта йирик миқдорда ноқонуний сотишга уриниш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд қарори билан гумонланувчилар тергов даврида қамоққа олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мигрантларни интернетдаги шубҳали иш таклифларига алданиб қолмаслик ва оғир жиноятларга аралашиб қолишдан огоҳлантирмоқда.

22.09.20269