Самара вилоятидаги Курумоч халқаро аэропортида божхона ходимлари томонидан стратегик аҳамиятга эга бўлган товарларни ноқонуний олиб ўтиш ҳолати аниқланди. Ўзбекистондан учиб келган Ҳиндистон фуқароси аэропортнинг "яшил йўлаги" орқали ўтаётган вақтда тўхтатиб қолинди.
Текширув давомида йўловчининг юклари орасидан турли ўлчам ва рангдаги 107 дона синтетик олмос топилди. Экспертиза хулосасига кўра, лаборатория шароитида етиштирилган ушбу тошларнинг бозор қиймати 2 миллион рублни ташкил этади. Мазкур тошлар Россия қонунчилигига кўра стратегик муҳим ресурслар ва товарлар сирасига киради.
Ҳиндистон фуқаросига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 226.1-моддаси (стратегик муҳим товарлар ва ресурслар контрабандаси) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, халқаро рейслар билан ҳаракатланаётган йўловчилар божхона қоидаларига риоя қилишлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга товарларни декларациялашлари шарт. Қоидаларни бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.









