МОСКВА. Россия пойтахтининг Сиреневий бульваридаги кўп қаватли уйлардан бирида мудҳиш фожиа юз берди. Миграция текширувидан хавфсираган икки нафар чет эл фуқароси яшаш хонадони ойнасидан қочишга уриниш вақтида бахтсиз ҳодисага учради.
Маълумотларга кўра, воқеа чоршанба куни кечқурун содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари миграция қонунчилиги ижросини текшириш мақсадида мазкур хонадон эшигини тақиллатишган. Уй ичида бўлган ва ҳужжатларида муаммоси борлигидан хавфсираган Ҳиндистон фуқаролари полицияга эшик очиш ўрнига, 9-қават ойнаси орқали пастга тушиб қочишга ҳаракат қилишган. Аммо мувозанатни йўқотиб, баландликдан йиқилишган.
19 ёшли фуқаро олган оғир жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди. 22 ёшли иккинчи фуқаро эса ўта оғир аҳволда шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди. Шифокорлар айни дамда унинг ҳаёти учун курашмоқдалар.
Ҳозирда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ва тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланган. Хонадон кимга тегишли экани ва хорижликларнинг мамлакатда бўлиш мақоми тўлиқ ўрганилмоқда. Воқеа гувоҳлари ва қўшнилар сўроқ қилинмоқда.









