SOS
Жиноят

Россия қамоқхоналарида қанча хорижлик бор? ФСИН расмий статистикани эълон қилди

Россия қамоқхоналарида қанча хорижлик бор? ФСИН расмий статистикани эълон қилди

Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) директори Аркадий Гостев 11-сентябр куни Қозонда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари пенитенсиар хизматлари раҳбарлари кенгашининг XI йиғилишида Россия қамоқхоналари ва тергов изоляторларидаги хорижликлар сонини очиқлади. Унга кўра, айни дамда Россия муассасаларида жами 25 мингга яқин хорижий фуқаро сақланмоқда.

Статистикага кўра, ушбу шахсларнинг 18,5 минг нафари МДҲ давлатлари фуқароларидир. Улардан 4,5 минг нафари тергов изоляторларида, 14,1 минг нафари эса ахлоқ тузатиш колонияларида жазо муддатини ўтамоқда. Шунингдек, Россия жазони ижро этиш муассасаларида 16 нафар АҚШ фуқароси ҳам сақланаётгани қайд этилган.

ФСИН раҳбари Россияда хорижлик маҳкумлар сони камайиб бораётганини таъкидлади. Бу тенденция мамлакатда жиноятчилик даражасининг пасайиши билан изоҳланмоқда: 2025-йилда қайд этилган жиноятлар сони 7 фоизга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 16,2 фоизга камайган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича жазони либераллаштириш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларининг кенгайиши ҳам ушбу кўрсаткичга таъсир қилган.

Расмий маълумотларга кўра, хорижликларнинг жазони ижро этиш муассасаларига тушишига кўпинча гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ўғирлик, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар ҳамда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш каби ҳолатлар сабаб бўлади. Муассасаларда сақланаётган маҳкумлар орасида энг кўп талаб қилинадиган касблар қаторида тикувчи ва ғишт терувчи мутахассисликлари қайд этилган.

12.09.20262