Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонлик оналарнинг 3 нафар фарзанди Ватанга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан кўрилган чоралар натижасида Россиянинг Мордовия Республикаси ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган фуқароларнинг вояга етмаган 3 нафар фарзанди Ватанга қайтарилди. Ушбу болалар шу вақтгача қамоқхона ҳудудидаги болалар уйида бўлган.
Қайтариш жараёнидан олдин дипломатлар томонидан болаларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги, уларнинг Ватанида қариндошлари борлиги ва бошқа ҳуқуқий масалалар ўрганиб чиқилди. Россия ваколатли идоралари билан ҳамкорликда зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартиб-таомиллар амалга оширилди.
Болалар Бош консулхона дипломатлари ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлигида қабул қилиб олинди ва хавфсиз тарзда Ўзбекистонга етказилди. Мазкур репатриация жараёни тизимли равишда амалга оширилаётган ишлар доирасида ташкил этилди.
Расмий маълумотларга кўра, Россиядаги жазони ижро этиш муассасалари қошидаги болалар уйларида қолаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг фарзандларини Ватанга қайтариш бўйича консуллик-ҳуқуқий тадбирлар давом эттирилмоқда.








