Россия ИИВнинг «Свободненский» бўлимига 1987-yilda туғилган хорижлик фуқаро мурожаат қилди. У номаълум шахс унинг шахсий маълумотларидан фойдаланиб, умумий қиймати 205 000 рублга тенг 12 та микроқарз расмийлаштирганини маълум қилди.
Полиция олиб борган суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятга жабрланувчининг 24 ёшли таниши алоқадор экани аниқланди. Маълум бўлишича, гумонланувчи аввалроқ жабрланувчидан қарз сўраган. Нафд пули бўлмаган 39 ёшли эркак танишининг таклифи билан 10 000 рубль миқдорида микроқарз олишга рози бўлган. Бироқ, кредит ташкилоти иловасида рўйхатдан ўтиш жараёнида ёрдам берган ёш йигит дастурдан чиқмасдан, жабрланувчининг шахсий маълумотларидан қайта-қайта фойдаланган.
Жиноятни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлди. Ҳозирда унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми «г» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган.
Полиция ходимлари мигрантларни огоҳликка чақириб, шахсий маълумотлар, банк иловаларининг логин ва паролларини бегона шахсларга бермасликни, шунингдек, ўз номидан амалга оширилаётган барча молиявий операцияларни диққат билан назорат қилишни эслатиб ўтди.









