Санкт-Петербург шаҳрида 29 ёшли уй ёрдамчиси 6 миллион рубль қийматидаги заргарлик буюмларини ўғирлашда гумонланиб қўлга олинди. Россия ИИВ минтақавий бошқармаси маълумотларига кўра, жабрланувчи – 59 ёшли хонадон эгаси ўз буюмлари йўқолганини сезиб, полицияга мурожаат қилган.
Аниқланишича, ўғрилик хонадон эгаси уйда бўлмаган вақтда содир этилган. Гумонланувчи яқин хориж давлатларидан бирининг фуқароси бўлиб, хонадонда уй ёрдамчиси сифатида ишлаб келган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тинтув жараёнида гумонланувчининг яшаш жойидан ўғирланган буюмларнинг бир қисми — иккита тилла узук топилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг «Ўта йирик миқдордаги ўғрилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва қолган қимматбаҳо буюмларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.









