Москва вилоятининг Воскресенск шаҳар округига қарашли Белоозерский қишлоғида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан оғир жиноят содир этишда гумонланган шахс қўлга олинди. Россия Миллий гвардияси (Росгвардия) матбуot хизмати хабарига кўра, 35 ёшли хорижлик фуқаро 43 ёшли маҳаллий аёлни пневматик тўппонча билан қўрқитиб, ўрмон ҳудудига мажбуран олиб кирган.
Воқеа жойига яқин бўлган фуқаролар эркакнинг аёлга қурол кўрсатиб, уни ўрмон томон етаклаб кетаётганини пайқаб қолишган ва дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишган. Патруль хизмати ходимлари тезкорлик билан воқеа жойига етиб бориб, гумонланувчини аёлга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган вақтда аниқлашган.
Қўлга олиш жараёнида гумонланувчи қочишга уринган, бироқ Миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилган. Эркакнинг ёнидан жиноят қуроли сифатида фойдаланилган пневматик тўппонча мусодара қилинган. Ҳозирда ушбу шахс полиция бўлимига етказилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ҳолат мигрантлар учун Россия қонунчилигига риоя қилиш, хусусан, жамоат тартибини сақлаш ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик қанчалик муҳим эканини яна бир бор эслатади. Ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар, айниқса қурол ишлатиш билан боғлиқ жиноятлар қатъий жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.









