Владимир шаҳрида мигрантлар ва Марказий Осиё вакилларига нисбатан зўравонлик ҳамда низо қўзғатишни мақсад қилган икки нафар маҳаллий фуқаро суд қилинди. 32 ва 33 ёшли эркаклар террорчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва миллий адоватни қўзғатишда айбдор деб топилди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ ташкилотчиси Россиянинг миграция сиёсатидан норози бўлиб, 2025-йилда ижтимоий тармоқларда махсус чат очган. У ўз тарафдорларини тўплаб, «Чойхона», «Снэк-бар» ва «Шашлик уйи» каби мигрантлар гавжум бўладиган жойларни ёқиб юборишни режалаштирган. Жиноятчилар ушбу мақсад йўлида «Молотов коктейллари»ни тайёрлаш бўйича машғулотлар ўтказишган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятчилар ўз режаларини амалга оширишга улгурмасдан қўлга олинди. Суд уларни террорчилик ҳамжамиятида иштирок этиш, террорчилик фаолиятига ўқитиш ва нафрат қўзғатиш моддалари бўйича айбдор деб топди.
Суд ҳукмига кўра, гуруҳ ташкилотчиси 22 йилга, унинг шериги эса 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, уларга нисбатан тегишли равишда 900 минг ва 400 минг рубл миқдорида жарима жазоси ҳам тайинланди. Ҳозирги вақтда суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган.









